Ўзбекистонда давлат хизматчилари қасамёдга келтирилиши мумкин

Ўзбекистонда давлат хизматчиларига қасамёд келтириш шарт этиб қўйилиши мумкин. ҚҲТБТ (Қонунчилик ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими) порталида “Давлат хизмати тўғрисидаги” қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилган. Мазкур қонун лойиҳасининг 55-моддасида давлат хизматига қадам қўйган ходим қуйидаги мазмундаги қасамёд қабул қилиши қайд этилган.

“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига оғишмай риоя этишга, ўз фаолиятимда Ўзбекистон Республикасининг давлат хизмати принципларига риоя қилишга, хизмат вазифаларимни ҳалол ва виждонан бажариш ҳамда Ўзбекистон халқига хизмат қилишга, бу қасамёд бузилган тақдирда, қонунда белгиланган жавобгарликка тортилишга тайёрлигим ҳақида тантанали равишда қасамёд қиламан”, қабилида қасамёд келтирган шахс кейин қасамёд матнини имзолаши шарт бўлади.

Қонун лойиҳасида қайд этилишича, қасамёд матни давлат хизматчисининг шахсий ишида сақланади.