Экстремизмга қарши кураш тўғрисида қонун лойиҳаси аҳоли муҳокамасига қўйилди

Иллюстратив сурат

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайтида “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Ушбу лойиҳа палатанинг биринчи ўқишдаги муҳокамасидан ўтган.

Ушбу ҳужжатда Ўзбекистонда "экстремистик фаолият", дейилганда жумладан, қуйидаги ҳаракатлар белгиланган:

- конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартириш, ҳудудий яхлитлик ва суверенитетни бузиш;

- терроризмни ошкора оқлашга ёки унга ошкора даъват қилишга;

- зўрлик ёки зўрлик ишлатишга даъват қилиш билан боғлиқ ҳолда ирқий, миллий, этник ёки диний адоват, шунингдек ижтимоий низо қўзғатиш;

- давлат ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек сайлов комиссиялар аъзоларининг қонуний фаолиятига зўрлик ишлатган ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитган ҳолда тўсқинлик қилиш ва ҳоказо.

Шунингдек, қонун лойиҳасида экстремизмга қарши курашувчи давлат органлари сирасида Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси ва Бош прокуратура қошидаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти белгиланган.

Палата сайтида берилган хабарда айтилишича, айни пайтда қуйи палатада қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёни кетмоқда.

"Мазкур ҳужжатни маромига етказиш, уни такомиллаштириш юзасидан жамоатчиликнинг таклифларини олиш мақсадида қонун лойиҳаси парламент қуйи палатаси расмий веб-сайтидаги “Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари” (http://parliament.gov.uz/uz/laws/discussed/23927/) рукнига жойлаштирилди" , дейилади хабарда.