Франция Тоғли Қорабоғ масаласини ҳал этишда Арманистон ва Озарбайжонга фаол кўмак кўрсатади

Тоғли Қорабоғдаги Степанакерт шаҳри.

Франция Арманистон ва Озарбайжон ўртасида Тоғли Қорабоғ масаласида юзага келган конфликтни бартараф этишга кўмаклашиш йўналишидаги ҳаракатларни фаоллаштиради. Бу ҳақда 27 май куни Бакуга иш сафари билан борган Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан маълум қилди.

Унга кўра, Франция минтақадаги барқарорликдан манфаатдордир ва бугунги вазият Парижни мутлақо қаноатлантирмайди.

Озарбайжон ташқи ишлар вазири Элмар Мамедяров “Биз конфликтни тинч йўл билан мувофиқлаштириш стратегиясини қўллаб-қувватлаймиз ва Франция ЕХҲТнинг Минск гуруҳи ҳамраиси сифатида бу масалани ҳал этишда кўмаклашишига ишонамиз”, деб билдирди.

Жан-Ив Ле Дриан 28 майда Арманистон расмийлари билан учрашади.

Асосан этник арманлар яшайдиган, Озарбайжонга қарашли бўлган Тоғли Қорабоғ ҳудуди учун Озарбайжон ва Арманистон ўртасида 1990-йилларда уруш бўлган. Урушда 30 минг одам ҳалок бўлгани айтилади.