Исроил яна Ғазода ХАМАС қароргоҳларини бомбардимон қилди

14 май куни Исроил аскарлари билан тўқнашувлдарда 60 фаластинлик ўлдирилган эди.

Исроил армиясининг қирувчи самолётлари Ғазо минтақаси жанубида ХАМАС гуруҳи манзалларини бомбардимон қилди. Бундан олдинроқ Фаластин мухториятида яшовчи бир гуруҳ одамлар Исроил чегарасидаги хавфсизлик деворини бузишга ҳаракат қилган эди. Исроил ҳукуматининг билдиришича, ҳаво зарбалари мазкур ҳаракатга жавоб тариқасида уюштирилди.

-Биз Ғазо минтақасидан туриб Исроилга қилинган ҳужумларга тоқат қила олмаймиз. Исроил ҳарбий самолётлари Ғазодаги террорчилар манзилларини бомбардимон қилди ва хавфсизлик кучларимиз хавфсизлик деворига ўрнатилган портловчи мосламани зарарсизлантириди,- деди 27 май куни Исроил бош вазири Бинямин Нетеняҳу.

23 май куни ҳам Исроил ҳарбий авиацияси ХАМАС қароргоҳларини бомбардимон қилган эди. Исроил ҳукумати бунга фаластинликларнинг чегарани бузиб ўтишга ҳаракат қилгани сабаб бўлганини билдирган.

Исроил ва Ғазо минтақаси чегарасида 30 мартдан бери яҳудий ҳарбийлари билан бўлган тўқнашувларда юз нафардан кўпроқ фаластинлик ҳалок бўлди.

14 май куни АҚШ элчихонасининг Тель-Авивдан Қуддусга кўчирилишига қарши ўтказилган норозилик намойиши пайтида Исроил аскарлари билан тўқнашувлдарда 60 фаластинлик ўлдирилган эди.