Бош вазир "ҳаддан ошганлик"да айблаган Шерзод Қудратхўжаев журналистика университетига ректор бўлди

Халқаро пресс-клубда ўтган матбуот анжуманидан лавҳа. Чапдан биринчи - Шерзод Қудратхўжаев.

Тошкентдаги Халқаро Пресс клуб раҳбари Шерзод Қудратхўжаев Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига ректор бўлди. Мазкур университетни ташкил этиш тўғрисидаги қарорни президент Шавкат Мирзиёев 24 май куни имзолаган эди.

“Қудратхўжаевга журналистларга таълим бериш бегона фаолият эмас. У бунга қадар Ўзбекистон Миллий университетида ҳам талабаларга дарс берганди”, дейилади Kun.uz хабарида.

Қудратхўжаев телевидения орқали жонли намоийш этилаётган Халқаро пресс-клуб кўрсатувларининг олиб борувчиси сифатида танилган.

Озодлик радиоси ўтган йилнинг 21 август куни МТРК журналистлари билан ўтказилган йиғилишда Бош вазир Абдулла Арипов Халқаро пресс клуб раҳбари Шерзод Қудратхўжаев олиб бораётган жонли кўрсатувларини танқид қилиб, уни “ҳаддидан ошиб кетганликда” айблагани, шундан сўнг кўрсатув маълум муддат жонли эфирдан олиб ташлангани тўғрисида хабар берган эди.