Македония ва Греция "Македония" номини ўзгартириш бўйича муросага келди

Македония бош вазири Зоран Заев.

Македония ва Греция собиқ Югославия республикасининг номи юзасидан 27 йил давом этган бахсларга нуқта қўйди. Македония бош вазири Зоран Заев 12 июнда Афина ва Скопье мамлакат номини Шимолий Македония (македончасига Северна Македониjа) деб ўзгартириш юзасидан муросага келганини билдирди.

Греция Македония томонидан "Македония" номи қўлланилишига қарши чиқиб келаётган эди. Афина ушбу номдан фойдаланиш ўзининг Македония деб аталувчи вилоятига қарши ҳудудий даъволарни назарда тутади, деб ҳисоблайди.

Греция ҳукуматининг фикрича, Шимолий Македония номи Грециянинг Македония вилояти ва Македония давлати ўртасидаги фарқни мустаҳкамлайди.

Бу борадаги якуний ҳужжат шу ҳафтанинг охиригача икки давлат ҳукуматлари томонидан имзоланиши кутилмоқда. Шундан сўнг бу ҳужжат Македония парламенти томонидан ратификация қилиниши лозим. Йил охиригача эса мамлакат номини “Шимолий Македония” деб алмаштириш юзасидан умумхалқ референдуми ўтказилади.

Грециянинг эътирозлари туфайли Македониянинг НАТО ва Европа Иттифоқига қўшилиши масаласида муаммолар юзага келган эди.

Македония Югославия давлати тарқалиб кетгани ортидан пайдо бўлган эди. 2 миллион одам яшайдиган бу давлатни 142 мамлакат Македония Республикаси сифатида тан олган, Греция эса бунга қарши чиққан.