27 июнь Ўзбекистонда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида нишонланади.
Шу муносабат билан Тошкентдаги Ўзбек миллий академик драма театрида махсус тадбир ўтказилди.
Маҳаллий матбуотга кўра¸ тадбирда ҳукумат расмийлари¸ журналистлар¸ журналистика факультетларининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари қатнашган.
Шавкат Мирзиёевнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригини¸ ҳар йилгидек¸ Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирган.
Қарий икки йилдан бери Ўзбекистонни бошқариб келаëтган президент Шавкат Мирзиëев ҳозиргача бирор марта журналистлар учун матбуот анжумани ўтказгани¸ интервью бергани¸ шунингдек¸ касб кунида оммавий ахборот воситалари ходимлари билан учрашгани йўқ.
Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида Ўзбекистондаги айрим оммабоп Интернет нашрлари очилмай қолди¸ бунинг ортидан улар .uz домени баробарида ўз сайтини .com доменига кўчирганини эълон қилди.