"Ўзавтосаноат"нинг собиқ раҳбари янги раҳбарга ўринбосар бўлди

26 июнь куни ишда йўл қўйган камчиликлари ва соҳада қониқарсиз вазият пайдо бўлгани ортидан “Ўзавтосаноат» ширкати бошқаруви раиси лавозимидан бўшатилган Умиджон Салимов шу ширкатнинг ўзига бошқарув раисининг ривожлантириш ва маркетинг бўйича ўринбосари этиб тасдиқланди.

Умиджон Салимов президент Шавкат Мирзиёев автомобиль саноати истиқболларига бағишланган йиғилишда “Ўзавтосаноат” раҳбариятини кескин танқид қилгани ортидан ишдан олинганди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, президент йиғилишда “кейинги пайтларда ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми камайгани, тармоқнинг барча даражадаги бошқарувида коррупция, товламачилик, таниш-билишчилик каби иллатлар томир отиб кетганини” танқид қилган.

26 июнь куни “Ўзавтосаноат”га бунга қадар Бош прокуратура ходими бўлган Шавкат Умурзақов тайинланган эди.