Хотин-қизлар қўмитаси Тошкентдаги 100дан ортиқ мардикор аёл билан учрашди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси сайёр қабулхонаси Тошкентнинг Қўйлиқ массивидаги мардикор бозорига турли вилотялардан келган аёллар билан учрашди.

Daryo.uz нашрининг қўмитага таяниб хабар қилишича, шу кунда бу бозорда иш сўраб турган 150дан ортиқ аёл, шу жумладан, ҳомиладор, ёш болали ва қизлар борлиги аниқланган.

Сайёр қабулда ИИВ, Давлат солиқ қўмитаси, Бандликка кўмаклашиш маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари қатнашган.

Маълум бўлишича, бозордаги аксар аёлларнинг уйи ва боқувчиси йўқ, айримлари норасмий никоҳда, айримларининг фуқаролик паспорти йўқ. Шунингдек, аёлларнинг асосан, Наманган, Фарғона, Андижон, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятидан боргани аниқланган.

"Сайёр қабул давомида 112 нафар аёлнинг муаммолари ўрганилди. Бир куннинг ўзида 67 нафар аёлнинг муаммолари бартараф этилди", деб ёзади Интернет нашри.

Бундай қабулларни Тошкент шаҳрининг Сергели, Олмазор туманлари ҳамда Тошкент вилоятида ўтказиш режаланаётгани хабар қилинди.