МБ: Биринчи чоракда ўзбекистонликлар чет элларда 1,5 миллиард доллар даромад топди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон фуқароларининг чет эллардаги бирламчи даромадлари суммаси 2018 йилнинг 1-чорагида 1,5 миллиард долларни ташкил қилди.

Бу ҳақда маълумот берилган Марказий банкнинг “Ўзбекистон Республикаси тўлов баланси ва халқаро инвестицион позицияси” ҳисоботида айтилишича, бирламчи даромадлар ишлаб чиқариш жараёнидан (масалан, иш ҳақи тўлови) олинган даромад ва инвестицион даромадни (масалан, дивидендларни) ўз ичига олади.

Ўзбекистон резидентларининг киритилган инвестициялардан олган даромадлари 41 миллион 100 минг долларни, норезидентларнинг инвестициялардан олган даромадлари 398 миллион 800 минг сўмни ташкил қилади.

I - чорак якунига бўйича бирламчи даромадлар бўйича ижобий фарқ 1,1 млрд. долларни ташкил қилди.

Марказий банкнинг билдиришича, бирламчи даромад суммаси расмий манбалардан олинган маълумотлар асосида, шунингдек, Марказий банк томонидан чегара постлари ва барча вилоятлардаги халқаро аэропортларда ўтказилган сўров натижалари асосида ҳисобланган баҳолардан келиб чиқиб аниқланган.