Олийгоҳларда ўқиш нархи камида 1 миллион сўмга қимматлади

Иллюстратив сурат.

Олийгоҳларда 2018/19 ўқув йили учун контракт нархи камида 1 миллион сўмга қимматлади.

Масалан, педагогика, мухандислик каби йўналишларда бакалавриат учун энг арзон ўқиш илгари 6 млн 650 минг сўмни ташкил қилган бўлса, 1 сентябрдан бошлаб энди 8 млн 293 минг 500 сўм тўланади.

Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар, ҳуқуқ йўналишларида баклавриат учун илгарги 9 млн 850 минг сўм ўрнига 11 млн 58 минг сўм тўланади.

1 сентябрдан магистратура йўналишида энг арзон контракт миқдори 9 млн 30 минг 700 сўмни (илгари 7 млн 210 минг), энг қиммат тўлов 12 млн 163 минг 800 сўмни (илгари 10 млн 830 минг) ташкил қилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг билдиришича, нарх қимматлаши ойликлар ва энг кам иш ҳақи миқдори кўтарилгани билан боғлиқдир.

Аввалроқ президент фармонига кўра, 15 июлдан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенcиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 7 фоизга оширилган эди. Мазкур қарор билан энг кам иш ҳақи миқдори 184 300 сўм қилиб белигланган.