НАТО тарихидаги "энг эҳтиросли саммит" бошланиш арафасида

АҚШ президенти Дональд Трамп.

Брюсселда 11 июль куни НАТОга аъзо давлат раҳбарларининг навбатдаги саммити бошланади. 12 июлда якунланадиган мазкур саммит НАТО тарихидаги энг йирик, айни пайтда энг мавҳум ва эҳтиросларга бой йиғилиш бўлиши кутилмоқда.

Саммит арафасида АҚШ президенти Дональд Трамп бир неча маротаба НАТО аъзоларини ташкилотга мудофаа учун етарли даражада маблағ сарфламаётганликда айблагани ортидан унга Европа Кенгаши президенти Дональд Туск "Америка ўз ҳамкорлари қадрига етиши керак", деб танбеҳ берган эди.

Трамп саммитга жўнаб кетиш арафасида ўтказган матбуот анжуманида Дональд Тускнинг бу танбеҳига жавоб берар экан, Вашингтон НАТОнинг 29 аъзосидан АҚШ сарфлаган маблағларни "ундириб олиши”ни билдирди.

-Бизнинг ҳақиқатан ҳам иттифоқчиларимиз кўп, лекин биз бу имкониятдан фойдалана олмаймиз. Биз Европа Иттифоқи билан савдо-сотиқда ўтган йили 151 миллиард доллар зарар кўрдик, бунинг устига НАТО бюджетининг камида 70 фоизини биз тўламоқдамиз. Уларга бу ҳаражатларимиз катта ёрдам берапти. Кўрамиз, Европа сафари бир ҳафтага чўзилади, учрашувлардан қандай натижа чиқар экан, -деди Трамп.

Трамп НАТОга аъзо мамлакатларни ўз ялпи ички маҳсулотининг 2 фоиздан кам қисмини мудофаа лойиҳаларига сарфлаётгани учун қайта-қайта танқид қилиб келади.

Айрим Европа давлатлари етакчилари Трампнинг Европага ташрифи трансатлантик бирликка путур етказишидан хавотирда.