Трамп: НАТО аъзолари мудофаа ҳаражатларини кўпайтириш талабига рози бўлди

Дональд Трамп НАТО саммитида сўзлаётган пайтда олинган сурат.

АҚШ президенти Дональд Трамп Брюсселда 11-12 июль куни ўтган НАТО саммитидан сўнг журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, ташкилотга аъзо давлатлар АҚШ раҳбарияти танқидидан сўнг мудофаа учун ҳаражатлар миқдорини режалаштирилганидан эртароқ оширишга розилик билдирганини айтди.

-Биз ҳозир жуда бахтлимиз, чунки жуда-жуда кучли, жуда ҳам қудратли НАТОга эга бўлдик. Бу НАТО икки кун аввалги НАТОдан кўра сезиларли даражада кучлироқдир, - деди Трамп.

НАТОга аъзо давлатлар 2014 йилда ўтган саммитда 2024 йилгача мудофаа ҳаражатларини ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизи даражасига етказиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.

Дональд Трамп 11 июль куни аъзо давлатларни мудофаа ҳаражатларини олдин эълон қилинганидек, ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизи эмас, балки 4 фоизи даражасида оширишга чақирган ва ҳаражатларини келишилганидек 2025 йилдан эмас, бугунги кундан бошлаб кўпайтиришини талаб қилган эди.

Трампнинг 12 июлда билдиришича, аъзо давлатлар мудофаа ҳаражатларини кўпайтиришга рози бўлгани ортидан НАТО “қисқа муддатда қўшимча 33 миллард доллар маблағ”га эга бўлади.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Трампнинг сўзларини шарҳлар экан, журналистларга гап аъзо давлатлар мудофаа ҳаражатларини ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизи даражасида кўтариши ҳақида бораётганини, бу ҳаражатни 4 фоизга етказиш масаласи ҳозирча очиқ қолаётганини билдирди.