Ўзбекистон ва Қирғизистон чегаранинг аввал аниқланмаган икки ҳудуди юзасидан келишувга эришди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 16 июлда хабар берди.
Расмий маълумотда айтилишича, Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича ишчи гуруҳларининг навбатдаги музокаралари 9-15 июль кунлари Ўш шаҳрида бўлиб ўтган.
“Музокаралар чоғида 2-7 июль кунлари Ўзбекистоннинг Наманган ва Фарғона вилоятлари билан Қирғизистоннинг Боткент ва Жалолобод вилоятлари туташган ҳудудларда жойлашган участкаларда ўтказилган қўшма дала текширувларининг якунлари кўриб чиқилди.Қўшма дала текширувлари натижасида икки ҳудуддан, жумладан Ғова участкаси ва қисман Ғовасойдан ўтувчи чегара чизиғи белгиланди”, - дейилади хабарда.
Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг узунлиги 1378 километрни ташкил этади.
Президент Мирзиёев давлат ташрифи билан 2017 йилнинг 5 сентябрида Бишкекка борганида мазкур чегаранинг 1170 километри аниқланиб бўлингани тўғрисидаги ҳужжат имзоланган эди.
Ҳозирги кунда икки давлат чегарасининг қолган 208 километрни аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.