Тошкентдан Иссиқкўлга парвозлар тўхтатилди

Иссиқкўлда дам олаётганлар.

Тошкентдан Иссиқўлга амалга оширилаётган парвозлар тўхтатилди. Бу ҳақда Қирғизистоннинг “Манас аэропорти” ширкати 18 июлда маълум қилди.

Ширкатнинг билдиришича, мазкур парвоз “Ўзбекистон ҳаво йўллари” томонидан амалга ошириб келинган. “Бироқ кейинги кунларда улар Иссиқкўлнинг “Томчи” аэропортини парвозлар бўлиши тўғрисида огоҳлантирмай қўйган”, - дейилади маълумотда.

Аввалроқ “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Иссиқкўлга парвозлар йўловчиларнинг озлиги ва бунинг оқибатида рейс ўзини оқламаётгани ортидан тўхтатилганини билдирган эди.

Тошкентдан “Томчи” аэропортига рейслар ўтган йилнинг июлидан йўлга қўйилган эди.

Айни пайтда ўзбекистонликлар Иссиқкўлга арзон транспорт воситалари бўлган автобус ва поездларда кўпроқ келаётгани айтилди.