Давлат агентлигига 6 ой ичида ҳокимиятлар устидан 6 мингга яқин ариза тушди

2018 йилнинг 6 ойи ичида аҳолидан Давлат хизматлари агентлигига тушган шикоятларнинг ярмидан кўпи ҳокимият органлари устидан бўлгани маълум қилинди.

Агентлик сайтида эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, ярим йилда жами 9 минг 829 та қонун бузилиши ҳоллари аниқланган.

"Киритилган таъсир чоралари натижасида 183 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди, 30 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ҳамда 155 нафари суд қарорларига асосан айбли деб топилди", дейилади агентлик ҳисоботида.

Ҳисоботи муҳокама қилинган Тошкентдаги йиғилишда иштирок этган Kun.uz нашри мухбирининг хабар қилишича, қонун бузилиши аниқланган ҳолатларнинг 5 минг 700дан ортиғи ҳокимлик органларига тегишлидир.

Бу агентлик президент Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган. Унинг 201 та маркази республиканинг турли вилоятларида ишламоқда. Бу марказлар аҳолига 100 тага яқин йўналишда хизмат кўрсатади.