Тест синовлари муносабати билан мобил алоқа ўчирилмайди, аммо кўчалар ёпилади

Самарқанд. Олийгоҳларга ҳужжат топшираётган ёшлар.

Олийгоҳларга кириш учун тест синовлари ўтказиладиган 1-15 август кунлари мобил алоқа компаниялари хизмат кўрсатишни тўхтатмайди. Бу ҳақда “Beeline” мобил алоқа ширкати вакилига таянган ҳолда “Kun.uz” маълум қилди.

Аввалги йилларда тест синовлари ўтказиладиган кунлари Ўзбекистонда барча мобил алоқа ширкатлари SMS ва интернет хизматларини вақтинча ўчириб қўяр эди.

Жорий йилда тест синовлари 1 августдан 15 августгача ҳар куни икки сменада соат 9:00 дан 12:00 гача ва 15:00 дан 18:00 гача ўтказилади.

Айни пайтда 1 август куни Тошкент шаҳрида тест синовлари ўтказилиши муносабати билан Кўргазма, Ифтихор, Уста Ширин ва Акмал Пўлат кўчалари эрталабки соат 6дан соат 16гача ёпилиши эълон қилинди.

Бу йил Ўзбекистондаги 60 та Олий Таълим муассасаси ва унинг 19 та филиалига 675 мингдан ортиқ абитуриент ҳужжат топширди. Бу ўтган йилгига қараганда 54 мингга кам.