Сармоядорлар 1 октябрдан ерни 50 йилга ижарага олиши ёки сотиб олиши мумкин

Алишер Навоий номли Ўзбекистон Миллий боғининг инвесторга 49 йиллик ижарага берилгани тошкентлик фаоллар норозилигига сабаб бўлган эди.

Инвесторларга 2018 йил 1 октябрдан ер участкаларини 50 йилгача ижарага бериш ёки сотиш механизми жорий этилади.

Бу борада президент 1 августда имзолаган “Ўзбекистон Республикасида инвестицион муҳитни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда белгилаб берилди.

Фармонга асосан қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасини 50 йилгача муддатга, лекин аризада кўрсатилганидан кам бўлмаган муддатга инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун узоқ муддатли ижарага бериш мумкин бўлади.

Бундан ташқари инвесторлар кўчмас мулк объектлари, меҳмонхоналар, савдо объектлари, маданий-кўнгилочар мажмуалар, маиший хизмат кўрсатиш объектлари, таълим ва тиббиёт ташкилотлари, йўл инфратузилмаси ва бошқаларни қуриш учун ер участкаларига доимий эгалик қилиш ҳуқуқини аукцион орқали сотиб олиш имкониятига эга бўладилар.

2017 йилда Тошкентдаги Мирзо Улуғбек номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳамда Алишер Навоий номли Ўзбекистон Миллий боғининг инвесторга 49 йилга ижарага берилган эди.

Тошкентдаги боғнинг маҳаллий тадбиркорлардан тортиб олиниб¸ шаффоф бўлмаган тарзда янги инвесторга берилиши ортидан ишсиз қолаëтган 40 дан ошиқ тадбиркор ва уларнинг ишчилари Озодлик орқали президент Мирзиëевга мурожаат қилиб¸ бу жараëнни тўхтатишни сўраган.