АҚШ Эронга нисбатан молиявий санкцияларни жорий этди

АҚШ президенти Дональд Трамп.

Президент Дональд Трамп Эронга нисбатан молиявий санкцияларни жорий этиш тўғрисида кўрсатма берди. Санкциялар 7 августдан кучга киради.

АҚШ Эрон ва дунёнинг 6 етакчи давлати ўртасида имзоланган 2015 йилдаги шартномадан чиққанидан уч ой ўтиб эълон қилинган санкцияларга асосан, Теҳронга валюта сотиш тўхтатилади ва асосий ишлаб чиқариш корхоналаридан маҳсулотлар сотиб олинишига турли тўсиқлар қўйилади.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний АҚШ санкцияларини танқид қилар экан:

-Трамп ва унинг ҳукумати музокараларни рад этган ва дипломатиядан юз ўгирган одамлардир. Трамп қилаётган иш Эрон миллатига, Эрон миллий манфаатларига зиддир. Бироқ Эрон ҳалол ва адолатли дипломатияга тайёрдир,-деб айтди.

2015 йилнинг ёзида АҚШ, Франция, Британия, Россия, Хитой ва Эрон ўртасида шартнома имзоланиб, Теҳрон ядровий дастурини тўхтатиш мажбуриятини олган. Бунинг эвазига халқаро ҳамжамият Эронга нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилиши лозим эди.

Аммо президент Трамп 2018 йилнинг май ойида мазкур шартнома АҚШ манфаатларига зид келишини айтиб, шартномадан чиққанини билдирган эди.