Саудия шаҳзодаси ўзбекистонлик зиёратчилар "энг тартибли хожилар" эканини айтди

Минода шайтонга тош отиш маросими.

Мадина шаҳри амири, шаҳзода Файсал ибн Салмон ўзбекистонлик зиёратчиларни «энг тартибли хожилар», деб эътироф этди. Бу ҳақда Kun.uz Ўзбекистон мусулмонлари идорасига таяниб 9 августда хабар берди.

Маълумотда айтилишича, Файсал ибн Салмон дунёнинг турли давлатларидан келган Ҳаж делегациялари раҳбарлари учун қабул маросими ўтказди. Унда Ўзбекистондан дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан иштирок этди.

Шаҳзода Файсал ибн Салмон ўз сўзида ўзбекистонлик зиёратчиларни «энг тартибли хожилар», деб атаб, «бу юртда етишиб чиққан Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Имом ал-Бухорий, Ҳаким ат-Термизий каби буюк алломаларнинг илмий мероси ҳозирги вақтда ҳам жаҳон илм дунёсида маёқ бўлиб нур таратаётганини алоҳида эътироф этди», дейилади хабарда.