Автотўқнашувда енгил шикастланган Бош вазир Абдулла Арипов ишга чиқди

Бош вазир Абдулла Арипов.

Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳудудида 20 август куни йўл-транспорт ҳодисасига учраган Бош вазир Абдулла Арипов шу куниёқ ишга чиқди.

Маҳаллий нашрларнинг расмий маълумотга таяниб хабар беришича, Арипов 20 август куни ҳайит муносабати билан видеоселектор йиғилиши ўтказган. Унда Қурбон ҳайитини кенг байрам сифатида нишонлаш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилган.

Бош вазир “ҳар бир туман, маҳалла, овул ва қишлоқлардаги ёрдамга муҳтож ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар, кам таъминланган оилаларга ҳамда «Меҳрибонлик», «Мурувват», «Саховат» уйларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга, маҳаллий ҳокимликларга топшириқлар берди”, дейилади хабарда.

Озодлик радиоси 20 август куни тонгги соат 9 ларда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ўтирган “Мерседес” русумли қора машина “Дамас” русумли машина билан тўқнашиб кетгани ҳақида хабар берган эди.

“Бош вазири А.Ариповда тиббий муолажа талаб этилмайдиган енгил шикаст, Бош вазир ўринбосари А.Султоновда чап сон суяги чиқиши, чаноқ косачаси ёпиқ синиши, кўкрак қафаси 7-10 қовурғалари ёпиқ синиши, бош тепа соҳаси лат ейиши, Президент девони масъул ходими У.Қурбоновда ўнг қўл билак суяги ёпиқ синиши каби тан жароҳатлар, ҳайдовчи Р.Толиповда бош тепа соҳаси ҳамда ўнг елка, ўнг билак очиқ бўғими юмшоқ тўқималари лат ейиши каби жароҳатлар аниқланган", дейилади бу борада Бош прокуратура тарқатган расмий баёнотда.