Бош Вазир машинаси билан тўқнашган Damas ҳайдовчиси тез кунда касалхонадан чиқиши хабар қилинди

Бош вазир Абдулла Арипов.

Бош вазир Абдулла Ариповнинг кортежи билан тўқнашув натижасида жароҳат олган Damas автомобили ҳайдовчиси Саидов ва унинг йўловчиси Мелибоевнинг аҳволи қониқарли ва улар яқин кунларда ўз оилалари бағрига қайтади.

Бу ҳақда Қурбон ҳайитининг биринчи куни жамоатчилик вакиллари билан жароҳатланганлар ҳолидан хабар олган Xabar.uz маълум қилди.

Бош прокуратураси аввалроқ Саидов пешона соҳаси лат ейиши, йўловчи Мелибоевда эса ўнг умров суягининг ёпиқ синиши каби жароҳатлар аниқланганини маълум қилган эди. Улар ҳозирда Бекобод шаҳар марказий шифохонасида даволанмоқда.

Озодлик радиоси 20 август куни тонгги соат 9 ларда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ўтирган “Мерседес” русумли қора машина “Дамас” русумли машина билан тўқнашиб кетгани ҳақида хабар берган эди.

“Бош вазири А.Ариповда тиббий муолажа талаб этилмайдиган енгил шикаст, Бош вазир ўринбосари А.Султоновда чап сон суяги чиқиши, чаноқ косачаси ёпиқ синиши, кўкрак қафаси 7-10 қовурғалари ёпиқ синиши, бош тепа соҳаси лат ейиши, Президент девони масъул ходими У.Қурбоновда ўнг қўл билак суяги ёпиқ синиши каби тан жароҳатлар, ҳайдовчи Р.Толиповда бош тепа соҳаси ҳамда ўнг елка, ўнг билак очиқ бўғими юмшоқ тўқималари лат ейиши каби жароҳатлар аниқланган", дейилади бу борада Бош прокуратура тарқатган расмий баёнотда.

екобод тумани ҳудудида 20 август куни йўл-транспорт ҳодисасига учраган Бош вазир Абдулла Арипов шу куниёқ ишга чиққан.