Осиё ўйинлари: Вадим Меньков Осиё ўйинларининг тўрт карра чемпиони бўлди

Осиё ўйинларида эшкак эшик мусобақалари.

Индонезияда давом этаётган Осиё ўйинларида 30 август куни эшкак эшиш мусобақасида Вадим Меньков Ўзбекистон жамоасига яна бир олтин медални олиб келди. Бу билан ўзбекистонлик спортчи Осиё ўйинларининг 4-марта чемпионига айланди. У бундай натижага эришган биринчи ўзбек спортчиси бўлди.

“Бунгача у Доха, Гуанчжоу ва Инчеонда ўтказилган Осиё ўйинларида чемпион бўлган», дейилади Миллий Олимпия қўмитаси расмий маълумотида.

30 августдаги мусобақаларда каноэда эшкак эшиш бўйича аёллар ўртасида 500 метр масофага ўтказилган баҳсларда Дилноза Раҳматова ва Нилуфар Зокирова тандеми маррага иккинчи бўлиб етиб борди ва кумуш медални қўлга киритди.

1000 метрга жуфтлик баҳсларида стартга чиққан Шаҳриёр Маҳкамов ва Шоҳруҳбек Аъзамов, 1000 метрга каноэда эшкак эшган Нурислом Тўхтасин ўғли ва Серик Мирбеков жуфтлиги бронза медалларни қўлга киритди.

Ўзбек боксчилари ҳам мусобақаларда йўқотишларсиз иштирок этмоқдалар. Айни вақтга келиб ўзбекистонлик боксчиларнинг 6 нафари - Ҳасанбой Дўсматов (-49 кг), Жасур Латипов (-52 кг), Шунқор Абдурасулов (-60 кг), Иқболжон Холдоров (-64 кг) ва Бобоусмон Батуров (-69 кг) ярим финалига чиққан.

Ярим финал баҳслари 31 август куни ўтказилади.

Осиё ўйинларида Ўзбекистон жамоаси 13 олтин, 18 кумуш ва 18 бронза, жами 49 медалга эгалик қилиб, 45 давлат орасида умумжамоа ҳисобида 6-ўринда бормоқда.