АҚШ делегацияси Ташқи ишлар вазирлигида учрашув ўтказди

Тошкентга 12 сентябрь куни амалий ташриф билан келган АҚШ Давлат котибининг иқтисодиёт ва бизнес масалалари бўйича ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Брайан МакФитерс Ташқи ишлар вазирлигида учрашувлар ўтказди.

Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, “суҳбатда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 15-17 май кунлари АҚШга қилган расмий ташрифи ва президент Дональд Трамп билан ўтказган музокаралари чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқаларининг ҳозирги ҳолати ва уларни оширишнинг истиқболлари тўғрисида фикр алмашилди”.

Учрашувда қайд этилишича, 2018 йилнинг 8 ойи давомида ўзаро савдо айланмаси деярли 300 млн долларини ташкил этди. 2017 йилда эса йиллки кўрсаткич 210,2 млн долларга тенг бўлган эди.

Аввалроқ МакФитерснинг 14 сентябргача давом этадиган Тошкентга ташрифи доирасида Ўзбекистоннинг Халқаро савдо ташкилотига аъзо бўлиш истиқболи ва интелектуал мулк даҳлсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама учун асосий мавзу бўлиши кутилаётгани хабар қилинган эди.

Шунингдек, ташриф доирасида Ўзбекистон иқтисодига ҳамда мамлакатдаги инвестицион муҳитга оид масалалар муҳокама қилинади.