Мирзиёев Ўзбекистонни 2021 йилгача инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлади

Президент Мирзиёев "2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармонни имзолади.

Ушбу фармон билан кейинги 2 йил ичида Ўзбекистонни инновацион ривожлантириш стратегияси тасдиқланди.

Стратегияда Ўзбекистоннинг халқаро майдонда рақобатбардошлилигига эришиш ва инновацион тараққиётини кучайтириш йўлидаги асосий вазифалар белгиланди.

Вазифалар орасида, жумладан, мана булар бор:

- Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга келиб Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 илғор мамлакати қаторига киришига эришиш;

- барча даражада таълим сифати ва қамровини ошириш, узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимининг иқтисодиёт эҳтиёжларига мослашувчанлигини таъминлаш;

- бошқарувнинг замонавий усуллари ва воситаларини жорий этиш орқали давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш;

- инновациялар, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технологик ишларга давлат ва хусусий маблағлар киритилишини кучайтириш, бу соҳалардаги тадбирларни молиялаштиришнинг замонавий ва самарали шаклларини жорий этиш;

- мулкчилик ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, рақобатбардош бозорлар ташкил этиш ва бизнес юритиш учун тенг шарт-шароитлар яратиш, давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш.

Стратегияда белгиланган вазифаларни бажариш Бош вазир А.Н.Арипов, Президент девони раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг раиси С.Р.Холмуродов зиммасига юкланди.

Шунингдек, фармонда ижро учун масъул амалдорларга шахсий жавобгарлик ҳам белгиланиши алоҳида қайд этилди.