ЮНЕСКО билан 2021 йилгача ҳамкорлик шартномаси имзоланди

Президент Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни Парижда ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле билан учрашди. Фотосурат Ўзбекистон президенти расмий сайтидан олинди.

Францияга ташриф билан борган президент Шавкат Мирзиёев 8 октябрда ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида ташкилот бош директори Одри Азуле билан Ўзбекистон ва ЮНЕСКО алоқаларини ривожлантиришга қаратилган 2021 йилгача ҳамкорлик дастурини имзолади.

ЮНЕСКОга бугунги кунда 195 та мамлакат аъзо ҳисобланади. Ўзбекистон ташкилотга 1993 йил 26 октябрда аъзо бўлган.

Президент Шавкат Мирзиёев Франция Республикасига расмий ташриф ЮНЕСКОдаги учрашувдан бошлангани чуқур маъно ва муҳим аҳамиятга эга эканини, Ўзбекистоннинг ушбу ташкилот билан ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.

“ЮНЕСКО Бош директори Ўзбекистон Президентининг ушбу ташкилот шафелигида тинчлик ва бағрикенглик маданиятини шакллантириш, экстремизмнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги халқаро институт ташкил этиш, Тошкент Ахборот технологиялари университети ҳузурида Таълимда ахборот-коммуникация технологиялари бўйича минтақавий марказ ҳамда Самарқанддаги Туризм халқаро университетида ЮНЕСКО кафедрасини тузиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлади”, дейилади президент матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Шунингдек, Ўзбекистонда Марказий Осиё ёш олимлари минтақавий форумини ҳамда 2019 йилда Тошкентда "Ахборот технологиялари маданий меросни асраш хизматида" мавзуида Осиё форумини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

Ўзбекистон ЮНЕСКО билан ҳамкорликда халқаро миқёсда Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Фарғоний, Имом Бухорий, Камолиддин Беҳзод, қадимий шаҳарларимиз Бухоро, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши, Самарқанд, Марғилон ва Тошкент, “Алпомиш” достони ва “Авесто” китоби, шунингдек, Хоразм Маъмун академиясининг юбилейлари кенг нишонлади.

Бухоро шаҳри ташкилотнинг “Тинчлик тарафдори бўлган шаҳарлар” соврини билан тақдирланган.

Усмон Масҳафи ва Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар тўплами ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” рўйхатига киритилган.

Хивадаги «Ичан қалъа» мажмуаси, маданиятлар чорраҳаси - Самарқанд, Бухоро ва Шаҳрисабзнинг тарихий марказлари, шунингдек, Чотқол биосфераси ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Шошмақом, Бойсун маданий макони, Катта ашула, аския, ош, Наврўз, атлас ва адрас ишлаб чиқариш технологиялари ташкилотнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган.