Ҳисорда илк маротаба оқ қоплон болалагани аниқланди

Оқ қоплон боласи. Иллюстратив сурат.

Ҳисор қўриқхонасида илк маротаба оқ қоплоннинг икки боласи топилди. Бу ҳақда 10 октябрда Новости агентлиги Ўзбекистон экология ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш давлат агентлигига таянган ҳолда маълум қилди.

Хабарда айтилишича, бу оқ қоплоннинг Ўзбекистонда туғилиш орқали кўпая бошлаганининг энг биринчи исботидир.

Ветеринарлар оқ қоплон болаларининг соғлиғини қониқарли эмас, деб топишди. Улар қаттиқ стресс бўлганлар, улардан бирининг танасида очиқ жароҳатлар топилган. Оқ қоплон болаларини Тошкент ҳайвонт боғида даволашга қарор қилинган.

Ҳисор қўриқхонасида оқ қоплонларнинг мавжудлиги биринчи марта 2014 йилда Бутунжаҳон Ёввойи табиат фонди қўлловида ўтказилган тадқиқот натижасида аниқланган эди. Оқ қоплонларнинг ҳаёти шу кунгача жуда кам ўрганилган.

Экологларнинг билдиришича, Ўзбекистонда фақат 20 бошга яқин оқ қоплон яшайди. Жаҳонда эса оқ қоплонлар сони 4,5 мингдан 7300гача экани айтилади.

2017 йилда Ҳисор қўриқхонасида оқ қоплонларнинг яшаш муҳитини сақлаб қолиш бўйича махсус лойиҳа бошланди. Ўзбекистон экология ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш давлат агентлиги ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорликда амалга ошираётган бу лойиҳанинг қиймати 6,5 миллион долларни ташкил қилади.