АҚШ президенти Саудия консулхонасида йўқолиб қолган журналист масаласида қирол билан гаплашди

Хашогги Истанбулдаги Саудия консулхонасига кириб кетаётган пайти, 2 октябрь, 2018 йил.

АҚШ президенти Дональд Трамп 10 октябрда Саудия Арабистони қироли билан ўтган ҳафтада Саудиянинг Туркиядаги консулхонасида йўқолиб қолган Washington Post газетаси журналисти Жамол Хашогги масаласида телефон орқали мулоқот ўтказди.

“Бу жуда ёмон ҳолат. Биз журналистларга бундай вазиятга тушишига йўл қўя олмаймиз. Биз бу ишни охиригача тергов қиламиз”, деди Трамп Оқ уйда сўзлаган нутқида.

Аввалроқ АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Хизер Науэр Вашингтон Саудияни бу масалада тезкор тергов ўтказишга чақирганини маълум қилган эди:

-Биз журналистга нима бўлганини таҳмин қилмоқчи эмасмиз. АҚШ бу вазиятдан қаттиқ ташвишда. Давлат департаменти раҳбарияти Саудия Арабистони лидерлари билан дипломатик каналлар орқали бу масалани муҳокама қилди. Биз Саудия Арабистони ҳукуматини диққат билан холис тергов ўтказишга чақирамиз,-деди Науэр.

Саудия қиролининг танқидчиси бўлган Хашогги 2 октябрда Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консулхонасига ҳужжат топширишга келган вақтда йўқолиб қолган.

Туркия расмийлари Хашогги консулхонада ўлдирилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган эди. Бироқ Саудия қироллиги бу таҳминларни инкор этиб, журналист консулхонадан тирик чиқиб кетганини билдирмоқда.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон саудиялик журналистнинг йўқолиб қолиши билан боғлиқ ҳолатнин шахсан кузатаётгани тўғрисида баёнот берди.