Ҳукумат электр, газ ва бензин нархини ошириш қарорини муҳокамага қўйди

Ўзбекистон ҳукуматининг “Ёқилғи-энергетика ресурсларига нархлар ва тарифларнинг ўзгариши тўғрисида”ги қарори матни муҳокамага қўйилди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига 19 октябрь куни қўйилган ҳукумат қарорида айтилишича, аҳолининг коммунал маиший эҳтиёжлари учун ҳисоблагич орқали сотиладиган табиий газнинг ҳар 1 куб метрига 2018 йилнинг 16 ноябридан бошлаб 320 сўм, 2019 йилнинг 1 июнидан бошлаб эса 350 сўмдан нарх белгилаш кўзда тутилган.

Овқат тайёрлаш ва иссиқ сув таъминоти учун, айни муддатларда, аввалига 553 сўм, кейинчалик 605 сўмдан нарх белгилаш режаланмоқда.

Электр энергиясининг нархи ҳар 1 кВт соати учун 2018 йил 16 ноябрдан 331 сўм (ҳозирда 228 сўм), 2019 йил 1 июндан эса 370 сўмгача ошиши мумкин.

Шунингдек, автобензин ва дизел ёқилғисини Аи80 маркали автобензин учун 1 литрига 4000 сўм, Аи91 маркали автобензин 4500 сўм, дизел ёқилғиси 4800 сўм, ЭКО маркали дизел ёқилғиси нархини эса 4900 сўмга ошириш кўзда тутилган.

2019 йилнинг 1 январидан Тошкентнинг Юнусобод туманида эксперимент тариқасида аҳоли томонидан электр энергияси истеъмолининг базавий нормаси ойига бир абонент учун 300 кВт.соат қилиб белгилаш ҳам таклиф қилинмоқда.

Нормадан ортиқ истеъмол қилинган электр энергияси учун эса 1,2 карра қимматроқ нархда ҳисоб-китоб қилиниш таклиқ қилинмоқда.

Бу қарор лойиҳаси Ўзбекистон Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган. Муҳокама 3 ноябрь куни якунланади.