Иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти ҳақлари оширилади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда бензин, электр энергияси ва табиий газ нархларининг ошиши ортидан иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти ҳақлари ҳам ошади.

“Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда 2018 йил 16 ноябрдан бошлаб иссиқлик энергияси тарифларини аҳоли учун кўпи билан 10 фоизгача ошириш ва бошқа истеъмолчилар учун таннархдан келиб чиққан ҳолда ўрнатсин”, дейилади Ўзбекистон ҳукуматининг шу йил 2 ноябридан кучга кирган “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида”ги қарорида.

Сўнгги бор иссиқ сув ва иситиш тарифлари шу йилнинг май ойида оширилганди. Унга кўра, Тошкент аҳолиси ҳисоблагич ускунаси мавжуд бўлганда иссиқ сувнинг 1 кубометри учун 4332 сўмдан, ҳисоблагичсиз тўлов амалга оширилганда ойига киши бошига 16 917,49 сўмдан, марказий иситиш бўйича иситиладиган ҳар квадрат метр майдон учун 1464,53 сўмдан тўлаб келган.