МСК аъзолари парламент депутатлари билан бирдек дахлсизлик мақомига эга бўлади

Ўзбекистонда Марказий сайлов комиссияси аъзолари дахлсизлик мақоми бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларига тенглаштирилди.

Мазкур тартиб, Адлия вазирлиги “Ҳуқуқий ахборот” Telegram-канали маълумотига кўра, Ўзбекистон президентининг “Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган.

Қарор билан сайлов тизимини янада такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналиши этиб шу жумладан, сайловларни ўтказишда жамоатчилик назоратини кучайтириш, сайлов комиссиялари фаолиятида жамоатчилик иштирокини кенг таъминлаш белгиланган.

Шунингдек, қарор билан Сайлов қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланган.

Дастурга мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси томонидан ишлаб чиқилган Сайлов кодекси лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш, муҳокама натижаларига кўра лойиҳа матнини такомиллаштириш ва Сайлов кодексини қабул қилиш (2018 йил ноябрь-декабрь ойлари), шунингдек, бошқа қонун ҳужжатлари ва Марказий сайлов комиссияси ҳужжатларини Сайлов кодексига мувофиқлаштириш режалаштирилган.