Мирзиёев: 2021 йилдан мажбурий тиббий суғурта тизимига ўтилади

9 ноябрь кунги видеоселектор йиғилиши, 2018 йил

Президент Шавкат Мирзиёев 9 ноябрь куни соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга қаратилган видеоселектор йиғилишида 2021 йилдан мажбурий тиббий суғурта жорий этилишини маълум қилди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, йиғилишда "2021 йилдан бошлаб юртимизда ҳам мажбурий тиббий суғурта тизимини босқичма-босқич жорий этиш, Жанубий Корея, Сингапур, Германия каби давлатлардан халқаро консультантларни жалб қилиш зарурлиги" таъкидланган.

Хабарда айтилишича, сўнгги 2 йил ичида президент соҳага оид 50 та фармон, қарор ва фармойиш имзолаган. Вазирлар Маҳкамаси эса 70 дан зиёд қарор ва фармойишларни қабул қилган.

Шунингдек, жорий йилда тиббиёт соҳасига давлат бюджетидан 2017 йилга нисбатан 40 фоиз кўп маблағ ажратилгани, келаси йили эса яна қарийб 30 фоиз кўп маблағ йўналтириш режалангани маълум қилинди.

Бундан ташқари, президент Мирзиёев ўзи раислик қилган видеоселектор йиғилишида, хусусий тиббиёт тизимини янада кенгайтириш, Тошкент, Самарқанд, Андижон каби йирик шаҳарларда “тиббиёт хаб”ларини очиш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ҳамда соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш бўйича топшириқлар бергани хабар қилинди.