Ис газидан огоҳлантирувчи қурилма ишлаб чиқарила бошланди

Иллюстратив сурат.

Наманганда ис газидан заҳарланишнинг олдини олувчи қурилмани ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлигига таянган ҳолда маҳаллий нашрлар хабар берди.

Вазирлик расмийларининг билдиришича, қурилма хонадоннинг махсус иситиш тизимига ўрнатилади. Агарда уйда бирор сабаб билан ис газлари чиқадиган бўлса, қурилма сигнал чала бошлайди.

Ис гази чиқа бошлаган пайтда уйда ҳеч ким бўлмаса, қурилма газни тармоқдан автоматик равишда ўчиради. Қурилма электр энергияга уланган ҳолда ишлайди. Шу орқали у электр қувватини ўзида жамлайди. Бу эса қурилма электр энергияси тизимдан узилган ҳолларда ҳам 24 соат ишлаб туриш имконини беради. Қурилманинг ўртача нархи 195 минг сўм атрофида бўлади.

Ҳар йили қиш мавсумида Ўзбекистонда ис газидан заҳарланиш оқибатида одамларнинг вафот этиш ҳолатлари тез-тез учраб туради.

Масалан, Озодлик радиоси ноябрь ойининг бошларида Тошкентда бир ҳафта ичида 7 киши ис газидан заҳарланиб ўлгани, улардан 4 нафари болалар экани ҳақида ёзган эди.

Жорий йилнинг январь-апрель ойлари оралиғида Ўзбекистонда 58 одам ис газидан заҳарланиб вафот этди, 54 одам эса жабрланди.

2017 йилда ис газидан заҳарланиб ўлганлар сони 83 нафарни, жабрланганлар сони 110 нафарни ташкил этган.