Тожикистон вазири Хўжанддаги қамоқхонада чиққан исён ҳақида биринчи марта расмий баёнот берди

Сўғд вилоятидаги қамоқхона.

Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин Хўжанд шаҳрида жойлашган қаттиқ режимли колонияда кўтарилган исён давомида 25 киши ўлганини маълум қилди.

Бу Тожикистон ҳукуматининг Сўғд вилоятида 7 ноябрда содир бўлган воқеа юзасидан биринчи расмий баёноти бўлди. Шу кунга қадар ҳукумат бу борада сукут сақлаб келаётган эди.

22 ноябрь куни Брюсселда «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» доирасидаги кенгашдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Сирожиддин Муҳриддин маҳбуслар қўриқчиларга ҳужум қилгани, икки зобитни ўлдириб, яна беш нафарини яралаганини айтди.

-Зобитлар маҳбуслар билан музокара ўтказмоқчи бўлган. Бироқ исён кўтарганлар уларга қаршилик қилган,- деди Муҳриддин.

Аввалроқ мустақил манбалар бу воқеада камида 50 одам ҳалок бўлгани тўғрисида хабар берган эдилар.

Озодлик радиоси тожик хизмати Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирининг мулозимига таяниб, исённи "Ислом давлати" террор гуруҳи жангарилари уюштирганини хабар қилган.

"Ислом давлати" террор гуруҳининг маълум қилишича, исён унинг "аскарларидан бири" томонидан амалга оширилган.