Адлия ва прокуратура раҳбарлари Корея коррупцияга қарши кураш комиссияси билан учрашди

Адлия вазири Р.Давлетов бошчилигидаги делегация Жанубий Кореяда, 30 ноябрь, 2018 йил

Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетов бошчилигидаги вазирлик ва Бош прокуратура вакилларидан иборат қўшма делегация Жанубий Кореяда бўлиб қайтди.

Адлия вазирлиги берган хабарда айтилишича, 29-30 ноябрь кунлари амалга оширилган сафар давомида делегация вакиллари Кореянинг Коррупцияга қарши кураш ва фуқаролик ҳуқуқлари бўйича комиссияси раҳбарияти билан учрашган.

Хабарда таъкидланишича, комиссия раиси Пак Ин Чжон хоним Ўзбекистон билан ҳамкорликка тайёрлиги, коррупцияни енгиш учун иккитомонлама ҳамкорликда ишлаш кераклигини айтган.

Бу сафар "Ўзбекистондаги самарали, ҳисоб берувчи ва шаффоф бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши кураш" лойиҳаси доирасида амалга оширилди. (Расмий маълумотга кўра, коррупцияга қарши кураш бўйича 3 йилга мўлжалланган лойиҳа қиймати 8 миллион АҚШ долларига тенгдир).

Озодлик Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги раҳбарларининг Кореяга ишга кетиш учун ариза топширган минглаб одамдан 20 миллион АҚШ долларидан кўпроқ пора олганликда гумонланиб ҳибсга олингани ҳақида 26 ноябрь куни хабар қилган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Озодлик тарқатган хабарни тасдиқлаган¸ аммо тергов сири юзасидан¸ агентлик мулозимларининг айнан қайси жиноятларда гумонланаëтганини очиқламаган.