Самарқандда туман ҳокимлари ўринбосарларига машина тарқатилди

Самарқандда хизмат машинаси олган туман ҳоким лари ўринбосарлари, 9 декабрь, 2018 йил

Самарқандда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан ҳокимларнинг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарларига янги хизмат машиналари тарқатилди.

Вилоят ҳокимлиги сайтида берилган хабарга кўра, ўринбосарлар президентнинг 8 декабрда қабул қилган соҳа ходимларини мукофотлаш тўғрисидаги фармонига асосан хизмат машинаси билан тақдирланган.

Маросимда вилоят ҳокими Эркин Турдимов президент табригини ўқиб эшиттирган.

ЎзА агентлигининг хабар қилишича, бу вилоятда 20 мингдан ортиқ фермер хўжалиги ишламоқда, булардан 3 минг 449 таси кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантирилган. Вилоятда бу йил 129 минг 508 тонна пахта, 305 минг тоннадан ортиқ дон, 1,5 миллион тонна полиз-сабзавот маҳсулотлари етиштирилган.

Хабарда айтилишича, бунча ҳосилни етиштириш жараёнида фаол бўлган фермерлар, ишчилар ва давлат хизматчиларига кўкрак нишонлари, юксак унвон, орден ва медаллар топширилган, ҳокимларнинг соҳага масъул ўринбосарларига эса хизмат машиналари улашилган.