Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарадан ўтаётган поездлар сонини кўпайтиришга келишиб олди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Сариағаш- Келе чегара назорат - ўтказиш пунктидан поездларни ўтказиш жараёнини тезлаштириш тўғрисида келишиб олди.

Регнум агентлигининг хабар беришича, бу борада 10 декабрь куни Ўзбекистон ва Қозоғистон темир йўл расмийлари Тошкентда музокаралар ўтказди.

Учрашув жараёнида айни пайтда чегарадан бир кунда 21 жуфт поезд ўтказилаётгани таъкидланиб, уларнинг сонини суткасига 26 жуфтга етказишга келишилди.

Музокаралар чоғида темир йўлда контейнерда юк ташиш масаласида мавжуд бўлган муаммолар ҳам муҳокама қилинди. Томонлар транзит юкларни рақобатбардош нархлар асосида ташиш масаласини кейинги учрашувлардан бирида муҳокама қилишга ҳам келишиб олди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон ташқи товар айланмасининг сезиларли даражада ошгани ортидан ўзбек-қозоқ чегарасида поездда ва автомобилда юк ташиш ҳам кўпайган.