Тошкентда яна Mercedes автобуси ёниб кетди

Тошкентда ёнган автобуслардан бири.

Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги Навоий кўчасида 57-йўналишда қатновчи Mercedes-Benz Low Floor автобуси 11 декабрда ёниб кетди.

Тошкент ИИББ матбуот хизматининг маълум қилишича, 4-автобус саройига қарашли автобусда ёнғин 7:23 да бошланган ва 7:29 да бартараф этилди. Ҳайдовчи ва йўловчилар жабрланмади.

Ёнғинга автотранспорт воситаси ёқилғи тизимидаги носозлик сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Бундан аввал 10 октябрда ҳам Тошкентнинг Учтепа туманидаги Кўкча дарвоза кўчасида 87-йўналишда қатновчи Mercedes-Benz Low Floor автобуси ёниб кетгани хабар қилинган эди.

Тошкентда сўнгги уч йилда Mercedes русумидаги камида йигирма олтита йўловчи ташувчи автобус ёниб кетгани кузатилган.

Бундай ҳодисалар сабаби сифатида — автобусларнинг конструкциявий жиҳатдан маҳаллий шароитга мослашмагани, сифатсиз эҳтиёт қисмлар ишлатилиши, техник хизмат сифати пастлиги бўлиши мумкинлиги айтиб келинади.