Бош вазир Абдулла Арипов чегара масаласи муҳокамаси учун Қирғизистонга боради

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов, 7 сентябрь, 2018 йил, Москва

Бош вазир Абдулла Арипов 18 декабрь куни Қирғизистонга сафар қилиб, Ўшда қўшни давлат Бош вазири Муҳаммадкалий Абилгазиев билан учрашади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, вазирлар етакчилигидаги икки давлат делегациялари чегара масаласини муҳокама қилади.

"18 декабрь куни Ўшда Ўзбекистоннинг чегарадош вилоятлари раҳбарлари билан Қирғизистоннинг чегарадош вилоятлардаги мухтор вакиллари кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтади", дейилади расмий хабарда.

Бу кенгаш Ўзбекистон президенти Мирзиёевнинг 2017 йилнинг сентябрь ойида Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида имзоланган келишув асосида ташкил этилган.

Кенгашнинг илк йиғилиши шу йилнинг 29-30 март кунлари Фарғона вилоятида бўлган.