Мирзиёев фармони билан Ўзбекистонда "Ватанпарварлик ойлиги" бошланди

Президент Мирзиёевнинг "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармойиши билан 15 декабрдан "Ватанпарварлик ойлиги" бошланди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизматига кўра, бу ойлик Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 27 йиллигига бағишланган.

Ойлик доирасида 2018 йил 15 декабрдан 2019 йил 15 январга қадар "Ватан — муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!" деган умумий шиор остида қатор тадбирлар ўтказилади.

Давлат ва жамоат ташкилоти раҳбарларининг ўзлари ўқиган олий таълим муассасаси, академик лицей, касб-ҳунар коллежи ва умумтаълим мактабларида "Мардлик ва жасорат" мавзусидаги дарслар ўтказиши белгиланган.

Ўспирин ёшлар ўртасида "Мен, албатта ҳарбий бўламан!", ёшлар ўртасида ҳарбий-ватанпарварлик мавзуида "Энг яхши селфи", маҳаллаларда эса "Энг яхши маҳалла" ва "Энг яхши Жасорат клуби" танловларини ўтказиш режаланаётгани айтилди.