Ойлик ва бошқа тўловлар ҳар олти ойда ошириб борилади

Иллюстратив сурат.

2019 йилдан бошлаб ойликлар, пенсиялар, ижтимоий тўловлар ва стипендиялар миқдори ҳар олти ойда оширилиши ҳақида маълум қилинди.

Регнум агентлигининг билдиришича, Молия вазирлиги томонидан Сенатга тақдим этилган давлат бюджети параметрларида мана шу ҳолат белгилаб берилган.

Хабарда айтилишича, ойликлар, пенсиялар, ижтимоий тўловлар ва стипендиялар ҳар олти ойда ўтган йилги инфляция даражасидан кам бўлмаган миқдорда оширилади.

Бундан ташқари 2019 йилнинг 1 январидан ижтимоий нафақалар миқдорини абсолют суммада аниқлаш ҳам назарда тутилган. Лекин бу масалага ойдинлик киритилмаган.

Ўзбекистонда сўнгги марта 2018 йилнинг 1 ноябрида президент Шавкат Мирзиёев имзолаган фармон асосида бюджет соаҳаси вакилларининг ойлиги 1,1 маротаба оширилган эди.

Олий Мажлис Сенати 13 декабрь куни 2019 йил учун давлат бюджетини маъқуллаган эди.

Бош вазир ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров томонидан тақдим этилган ҳужжатда белгиланишича, бюджетнинг даромад қисми ялпи ички маҳсулотга 24,2 фоиз ёки 102,6 трлн сўм миқдорида, харажат қисми ялпи ички маҳсулотга 25,3 фоиз ёки 107,4 трлн сўм миқдорида таъминланади.