Хотин-қизлар қўмитаси: 240 мингдан зиёд аёл ишлаш учун хорижга чиқиб кетган

Ўзбекистон - Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Россияда оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик муҳожирларнинг биринчи гуруҳини 12 октябрда Тошкентга олиб келди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расмий сайтидан олинган сурат.

Ишсиз аёллар билан якка тартибда ишлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, яратилган имтиёзлардан фойдаланиш бўйича маслаҳат-ахборот бериш ишлари қониқарсиз ташкил этилганлиги натижасида қарийб 240 минг нафардан зиёд аёллар ишлаш учун хорижий давлатларга чиқиб кетган.

Бу гап Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоеванинг қўмитанинг 2014−2018 йиллардаги фаолияти якунларига доир маърузасида келтирилгани тўғрисида gazeta.uz хабар қилди.

Хотин-қизлар қўмитаси раиси 10 минг нафарга яқин оғир турмуш шароитида яшаётган аёллар бандлиги таъминлангани ва бунга 38 млрд. 261 млн. сўм маблағ йўналтирилганини ҳам билдирган.

Қўмита раиси ўз маърузасида аёллар бандлигини таъминлаш борасида белгилаб олинган вазифалар билан ҳам таништириб ўтган.