"Ҳарбий ватанпарварлик карвони" Тошкент бозорларида концерт берди (ВИДЕО)

Мудофаа аскарлари бозорда концерт бермоқда, 22 декабрь, 2018 йил

Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясининг карвони Тошкент шаҳри марказида концерт берди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, академия қошидаги ҳарбий оркестр ҳамда курсантлардан иборат "Ҳарбий ватанпарварлик карвони" 22 декабрь куни пойтахтнинг "Чорсу" савдо мажмуаси, Миробод деҳқон бозори, "Мустақиллик" ҳамда "Амир Темур" хиёбонларида концерт берган.

Шунингдек, Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари Тошкент марказида уюштирилган концерт дастурида қурол-яроғ ва ҳарбий машқлардан намуналарни намойиш қилди.

Вазирлик эълон қилган видеороликда ҳарбийларнинг шаҳар аҳолиси - болалар ва ёш ўсмирларга қуролларни намойиш қилаётгани, болаларни ҳарбий машиналарга чиқариб, ўйнатаётгани акс этган.

Хусусан, Turon24 нашрининг хабар қилишича, ана шу ойлик доирасида Наманганнинг Поп туманидаги ҳарбий қисмда ўтказилган машқларни томоша қилиши учун мактаб, коллеж, лицей ўқувчилари ва Наманган давлат университети талабаларидан иборат 500га яқин йигит-қиз чақирилган.

Бунга қадар Ўзбекистонда аҳолини, айниқса, болалар ва ўсмирларни ҳарбий машғулотлар, техника ва қурол-яроққа бу қадар яқинлаштирган кенг кўламли тадбирлар кузатилмаган эди.

Президент Мирзиёевнинг "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармойиши билан 15 декабрдан "Ватанпарварлик ойлиги" бошланди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизматига кўра, ойлик доирасида 2018 йил 15 декабрдан 2019 йил 15 январга қадар "Ватан — муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!" деган умумий шиор остида тадбирлар ўтказилади.