"Маҳалла посбони"га энди "Фидокор ёшлар" ёрдам беради

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг ҳар бир маҳалласида энди “Маҳалла посбони” билан биргаликда “Фидокор ёшлар” патруль гуруҳлари жамоат тартибини назорат қилади. Бу борада президент “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорга асосан “Маҳалла посбони” тузилмалари раҳбарлари лавозимлари тугатилиб, унинг ўрнига профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари лавозими жорий этилди. Профилактика инспекторларининг ёрдамчилари “Маҳалла посбони” ва “Фидокор ёшлар” тузилмалари фаолиятини назорат қилади.

Қарорга мувофиқ, ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир ишлар бўйича ундирилган жарима маблағлари Жамоат хавфсизлигини рағбатлантириш жамғармаларини шакллантириш манбаларидан бири этиб белгиланди.

Жамғарма маблағлари жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича самарали чораларни кўрган маҳалла раисларини, профилактика инспекторлари ва уларнинг ёрдамчиларини, “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмасининг алоҳида ўрнак кўрсатган аъзоларини моддий рағбатлантириш учун сарфланади.