Шахмат бўйича жаҳоннинг абсолют чемпиони ўзбек ўсмирига ютқазди

Шахмат бўйича биринчи абсолют жаҳон чемпиони Магнус Карлсен.

Ўзбекистонлик 16 ёшли шахматчи Шамсиддин Воҳидов шахмат бўйича жаҳоннинг амалдаги 16-чемпиони Магнус Карлсен устидан ғалабага эришди, деб хабар қилди Ўзбекистондаги нашрлар.

Бироқ Россиянинг “Спорт экспресс” нашрининг ёзишича, 26 декабрда Санкт-Петербургда бошланган шахматнинг блиц ва рапид йўналишлари бўйича жаҳон чемпионатида Магнус Карлсен 5та турда биринчи икки партияни ютқазган, қолган уч турда эса ғалаба қозонган.

Турнирга Карлсен 1-рақамли шахматчи спортчи сифатида ташриф буюрган. Ўзбекистонлик Шамсиддин Воҳидов эса мусобақада 188-рақамда сараланган. Воҳидов 14 ёшида ўсмирлар ўртасида шахмат бўйича жаҳон чемпиони бўлган.

“Шамсиддин Воҳидов жорий йилнинг 24 ноябрь — 3 декабрь кунлари Туркиянинг Кўнё шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида олтин медални қўлга киритган эди”, дейилади хабарда.

28 ёшли Магнус Карлсен шахмат бўйича 16-жаҳон чемпиони ва тарихдаги шахмат бўйича биринчи абсолют жаҳон чемпиони ҳисобланади. У бу унвонларни 2013 йилда қўлга киритган ва шу кунгача сақлаб келмоқда.