Ўзбекистон мактабларида Россия ўқитувчилари ишламайдиган бўлди

Иллюстратив сурат.

Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон мактабларига Россия ўқитувчиларини таклиф қилиш ташаббусидан воз кечди. Бу ҳақда маҳаллий матбуот Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденевга таянган ҳолда 7 январда хабар берди.

Дипломатнинг билдиришича, вазирлик мамлакатда ўқитувчилар етишмаётган мактаблар кўплигини таъкидлаган ҳолда, бу мактабларнинг барчасини россиялик ўқитувчилар билан таъминлаш имконияти йўқлигини, бу эса “кадрларни бўлиштириш жараёнида диссонанс яратиши”ни маълум қилган.

Мана шу асосда Россия ўқитувчиларини Ўзбекистон мактабларига таклиф қилиш ғоясидан воз кечилган.

Халқ таълими вазирлиги бунинг ўрнига Россияга малака оширишга юборилаётган ўзбекистонлик ўқитувчилар сонини кўпайтиришни таклиф қилган.

2018 йил бошида ҳукумат Ўзбекистонда 25 минг ўқитувчи етишмаслиги тўғрисида маълум қилган эди. Россотрудничество бу масалада ҳамкорлик қилиш таклифини киритган. Россия Ўзбекистонга келаётган рус ўқитувчиларини ойлик маош билан, Ўзбекистон эса уй-жой ва ишлаш учун шароит билан таъминлаши келишилган эди.

Россияда ўқитувчиларни бошқа мамлакатларга ишга жўнатиш бўйича махсус давлат дастури мавжуд. Бу йўналишда Россия Тожикистон билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.

Ўтган йилнинг май ойида Тожикистон мактабларида Россиядан келган 30 нафар ўқитувчи дарс бера бошлаши айтилган эди. Россиялик ўқитувчиларнинг 29 кишидан иборат биринчи гуруҳи Тожикистонга 2017 йилнинг августида етиб келган.