Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси тасдиқланди

Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси тасдиқланди, деб хабар қилди ЎзА ахборот агентлиги.

Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш “шахс – оила ‒ маҳалла ‒ таълим муассасаси ‒ ташкилот ‒ жамият” принципи бўйича тизимли ва узвий ташкил этилади.

Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 1 январгача қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ҳамда қўшимча ҳуқуқий маълумотлар етказиш тизимини ўз ичига оладиган Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳуқуқий интернет портали, шунингдек 2019 йил 1 июлгача аҳолига бепул маслаҳат бериш порталини ўз ичига олган Аdvice.uz ҳуқуқий ахборот тизими яратилади.

“Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони таъсис этилиб, кўкрак нишони билан ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ҳисса қўшган шахслар тақдирланади.

Концепция доирасида болалар учун махсус ҳуқуқий портал яратилади. Портал қуйидагиларни ўз ичига олади: Конституцияни ўргатишга доир илк тушунчалар; кундалик ҳаётда қўллашга мўлжалланган бошланғич ҳуқуқий билимлар; ҳуқуқий ўйинлар, машғулотлар ва дастурлар бўйича услубий қўлланмалар.

Оилада ҳуқуқий саводхонликни оширадиган, ҳар бир элементар ҳуқуқий билимларни ўргатишга қаратилган ва кундалик ҳаётдаги муҳим масалалар юзасидан ҳуқуқий қўлланма бепул тарқатилади.

Маҳаллаларда “Ҳуқуқий ахборот куни” ташкил этилади. “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганиш” ва “Инсон ҳуқуқларини ўрганиш” махсус ўқув курсларини барча таълим турлари бўйича ўргатиш жорий этилади.

Ёшларга орасида “Street law” (Кўча ҳуқуқи) лойиҳасини жорий қилиш учун ҳуқуқшунос талабалар, юридик коллежлар ўқувчилари, нодавлат ташкилотлар вакилларидан иборат кўнгиллилар гуруҳи шакллантирилади.

Ёшдан келиб чиқиб ҳуқуқий саводхонликнинг минимал талаблари тасдиқланади.

Аҳолини қизиқтирган ҳуқуқий мавзулар юзасидан “Сўров бўйича ҳуқуқий тарғибот” лойиҳаси амалга оширилади.