Имомлар Мисрнинг ал-Азҳар университетида малака оширади

Ал-Азҳар университети зали.

Ўзбекистонлик имомлар Мисрдаги ал-Азҳар университетида малака оширади. Бу борадаги келишув Мисрда хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимов ва ал-Азҳар университети раҳбари Шайх Солиҳ Аббос томонидан имзоланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизматининг 10 январда билдиришича, малака оширишга ҳар йили 20 нафар ўзбекистонлик имом жўнатилади. Улар икки ой давомида ал-Азҳар университетининг шайхлари, таниқли уламолар ва етук олимлар томонидан диний фанлар бўйича ўқитилади.

“Малака ошириш курслари сўнгида имомларга Қуръон қироати, тажвид, тафсир, ҳадис, ақида ва фиқҳ бўйича ижоза (махсус сертификат) олиши белгилаб қўйилган”, дейилади расмий маълумотда.

Ўзбекистон делегацияси таркибида Мисрга борган муфтий Усмонхон Алимов 9 январда ал-Азҳар Шайхи Аҳмад Муҳаммад Тоййиб, Шайх Солиҳ Аббос билан учрашиб, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги диний-маърифий соҳадаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган эди.