Самарқанд вилоятининг ҳокими тасдиқланди

Эркинжон Турдимов

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тавсияси Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгаши томонидан қўллаб-қувватланди. Эркинжон Турдимов Самарқанд вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.

Бу ҳақда давлат раҳбарининг расмий сайти хабар қилди.

Эркинжон Турдимов 2018 йилнинг июлида коррупция можароси доирасида ишдан олинган Туроб Жўраев ўрнига Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган эди.

Маҳаллий нашрларнинг хабар қилишича, Эркинжон Турдимов – 1969 йил 10 июлда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида туғилган. 1991 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган.

1991-1995 йилларда «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг Сирдарё филиалида бўлим мутахассиси, «Ўзсаноатқурилишбанк» нинг Зарафшон бўлими пул муомаласи бўлимида бош мутахассис, бўлим бошлиғи ўринбосари, Зарафшон бўлими бошқарувчиси бўлиб ишлаган. 1995-1996 йилларда Зарафшон шаҳри ҳокими бўлган. 1996 йилдан 2000 йилгача Ўзбекистон Миллий банки Навоий бўлими бошқарувчиси, 2000-2008 йилларда Навоий вилояти Хатирчи тумани ҳокими сифатида фаолият юритган. 2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб фаолият юритган.

2008-2016 йилларда Навоий вилояти ҳокими бўлиб ишлаган. 2016 йил декабридан 2018 йилнинг ёзига қадар Сурхондарё вилояти ҳокими сифатида ишлаган.