Самарқандда «Ҳиндистон – Марказий Осиё» мулоқоти якунланди

Самарқандда ўтган "Ҳиндистон-Марказий Осиё" мулоқоти. Сурат Ўзбекистон ТИВ расмий сайтидан олинди.

Самарқандда «Ҳиндистон – Марказий Осиё» мулоқоти якунланди. Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Ҳиндистон ва Афғонистон ташқи ишлар вазирлари иштирокида биринчи марта ўтказилган мазкур мулоқот 12-13 январь кунлари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, учрашувда ўзаро савдо ўсишига кўмаклашиш чоралари, минтақа мамлакатлари иқтисодиётига сармоя, инновация, технологияларни жалб қилиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари, Марказий Осиё давлатларининг транзит ва транспорт-коммуникация салоҳиятини ривожлантириш, туристик сафарларни ошириш, шунингдек, илм-фан, тиббиёт, таълим ва спорт соҳаларида муайян қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувнинг алоҳида сессиясида Афғонистонни минтақа ва жаҳон иқтисодий алоқалари тизимига жалб этишга хизмат қиладиган қўшма инфратузилма, транзит-транспорт, энергетика ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди. Томонлар Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига ёрдам беришга тайёр эканликларини таъкидлашди.

Йиғилиш якуни да қабул қилинган қўшма баёнотда ташқи ишлар вазирлари даражасида «Ҳиндистон – Марказий Осиё» мулоқоти жорий этилгани тўғрисида маълум қилинди.

Мулоқот дорирасида навбатдаги учрашув 2020 йилда Ҳиндистонда ўтказиладиган бўлди.